ЯНГИ АЛДОВ УСУЛИ: ЯНГИ КОНЦЕРТ ЭСКИ ҚЎШИҚЛАРГА ЯНГИ ДЕКОРАЦИЯ ВА ЯНГИЧА РАҚСЛАР ДЕГАНИМИ?
Лолада ижодий база тугадими? Ё унинг хатосини юзига айтадиган дўсти йўқмикан? Чиққанидан бери нимани куйласа, концерт берганидан бери ўша қўшиқларини айтади. Шунча кўринмай кетганига яраша ижод қилса бўлмайдими? Саволларнинг чеки йўқ. Тўғри, концерт бериш, мўмай даромад орттиришни ҳар бир санъаткор ҳоҳлайди. Бироқ, янги концерт дегани тўртта қўшиқ ёзиб, ТВда битта клип айлантириб, ҳаммани "Истиқлол”га чорлаш дегани эмас-да. Бундай тарзда рейтингни кўтариш сохталик. Аслида ясама ижодкорлик, минг азоб билан осмонга ракета учириб, ярим йўлда ёқилғиси тугаб, яна пастга жуда тез ва осонгина қайтиб тушиш дегани. Қиммат декорация бўлса бордир? Шунча декорация-ю алламбалоларга кетган пулни янги 10 та қўшиққа сарфласа нима бўларкин? Тўғри, унақада, саҳна оддий бўлиб, 20 та янги қўшиқ бўлса ҳам мухлислар зерикиб қолади. Ахир улар шоу кўргани келишади. Қўшиқнинг янги-эскилиги билан кимнинг иши бор? Саҳналар очилиб-ёпилиб турса, раққослар яна алланималар қилса бўлгани. Концертдан чиққан нимани ҳам гапирсин...Қўшиқлар ҳақида, маъно мазмуни ҳақида бир иккита шотирларни инобатга олмаганда, бирон одам фикр бермаслиги тайин. Чунки, шундоғам, уларни тинглайвериб, нуқта-вергули қаердалиги ёд бўлиб кетган. "Тарона Рекордс” илтимос, мақоладан кейин "шантаж”га ўтма. Ҳақ гап туққанингга ҳам ёқмаслиги аниқ. Аслида, инсоннинг кетидан гапиргандан кўра, бетига айтган маъқул. Ҳамма қатори ва ҳамма билан. Айтганча, бундан кейин 80 000 дан чипта сотгунча, хонанда учун 8 та қўшиқ тайёрлаб бериш керакмиди? 100.000 бўлса, яна нечта...Билмадим, муҳими, чипта олиб, маданий ҳордиқ оламан деган инсон алданиб қолмасин-да! Ахир, Лола ижодни хуш кўрадиган қиз. Ҳатто Муножот Йўлчиева ҳам мақтади. Унга янги қўшиқлар ёзувчи бастакорлар қуриб кетганми ё қўшиқ куйлаш учун иштиёқ йўқми? Бу йил ҳам бир амаллаб ўтди. Кейинги йил, янги концерт деганда, концертнинг бошидан охирига қадар янги қўшиқлар гулдастасини ҳадя этарсиз деган умиддамиз! Ўқиб, хулоса чиқарганингиз учун ташаккур.
ҚИЛИЧ ВА ҚАЛҚОН