Биз эҳтиёж сезган ҳамкорликлар
Президент Барак Обама
2001 йил 11 сентябрь террорист ҳужумларига 10 йил тўлар экан, биз 11 сентябрдаги хуружлар нафақат Америка Қўшма Штатларига, балки бутун дунёга, инсониятга ва умумий орзу-умидларимизга ҳам қаратилганини ёдга оламиз.
Ўша куни ҳаётдан кўз юмган қарийб 3000 нафарга яқин бегуноҳ кишилар орасида 90 дан ортиқ мамлакатнинг юзлаб фуқаролари – эркагу аёл, ёшу қари, турли-туман ирқ ва эътиқод вакиллари бўлгани ҳамон эсимизда. Бугун биз уларнинг оилалари ва мамлакатлари билан ўтганларнинг хотирасини ҳурмат билан ёд этамиз.
Биз ўн йил аввал курраи замин бир бутун бўлиб бирлашганини миннатдорлик билан хотирлаймиз. Жаҳон бўйлаб одамлар қурбонлар хотирасига сукут сақлаб турдилар. Улар черков, масжид, синагога ва бошқа ибодатхоналарда йиғилиб, ўтганларни дуо қилдилар. Қўшма Штатларда истиқомат қилувчилар дунёнинг турли бурчагида якдиллик белгиси сифатида биз билан биргаликда шам ёқиб бедор турган ҳамда элчихоналаримиз олдини гулларга буркаган инсонларни асло унутмайди.
11 сентябрь воқеларидан кейинги кунларда биз халқаро ҳамжамият мисоли фаол ҳаракат қилдик. Кенг кўламли коалиция таркибида "Ал‑қоида”ни Афғонистондаги ўқув жамлоқларидан қувиб чиқардик, "Толибон” зулмини йўқ қилдик ва афғон халқига террордан холи бўлган ҳаёт қуришга имкон яратдик. Бироқ, кейинги йиллар бирмунча мураккаб кечди ва 11 сентябрь воқеаларидан сўнг барчамиз ҳис этган глобал ҳамкорлик руҳи сийқаланиб қолди.
Президент сифатида мен олдимизда турган қатор глобал муаммоларга тегишли жавоб қайтариш учун зарур бўлган глобал ҳамкорликка янгича ғайрат беришга интилмоқдаман. Муносабатларнинг янги даврига кирар эканмиз, биз мамлакатлар ва халқлар билан ўзаро манфаат ва ҳурматга асосланган ҳамкорликларни йўлга қўйдик.
Биз халқаро ҳамжамият сифатида террористлар фуқароларимизнинг қудрати ва матонатига дош беролмаслигининг гувоҳи бўлдик. Мен ҳеч иккиланишсиз Қўшма Штатлар Исломга қарши уруш олиб бормаётгани ва ҳеч қачон бундай қилмаслигини айтиб ўтдим. Бунинг ўрнига биз иттифоқчи ва ҳамкорларимиз билан биргаликда ўнлаб мамлакатларга ҳужум уюштирган, минглаб бегуноҳ инсонларнинг, аксарияти мусулмон бўлган эркак, аёл ва болаларнинг умрига зомин бўлган "Ал-қоида”га қарши курашмоқдамиз. Бу ҳафта биз "Ал-қоида” туфайли қурбон бўлган барча инсонларни, шунингдек, уларнинг Яқин Шарқдан Европагача, Африкадан Осиёгача бўлган ҳудудда жасорат ва сабот-матонат намуналарини кўрсатган оилалари ва ҳамюртларини ёдга оламиз.
Биргаликда меҳнат қилиб, биз "Ал-қоида” ўчоқларини бузиб ташладик, Усома бин Лодин ва ҳамтовоқларининг кўпчилигини маҳв этдик ҳамда "Ал-қоида”ни мағлубият остонасига олиб келдик. Айни пайтда Яқин Шарқ ва Шимолий Африка халқлари адолат ва қадр-қиммат сари энг тўғри йўл – бу зўравонликдан холи бўлган маънавий куч экани, асло бемаъни терроризм ва зулм эмаслигини исботлашмоқда. Золим экстремистлар ўтмишда қолмоқда, келажак эса бузувчи эмас, тузувчиларга тегишли экани кундай аён бўлиб бормоқда.
Тинч ва фаровон келажакка интилган мамлакатлар ва халқлар, сизнинг Америка Қўшма Штатлари тимсолидаги ҳамкорингиз мавжуд. Гарчи ўз мамлакатимизда иқтисодий қийинчиликлар билан тўқнаш келаётган бўлсак-да, Қўшма Штатлар илгаригидай дунёда мислсиз етакчилик ролини ўйнашда давом этажак. Қолган қўшинларимизни Ироқдан олиб чиқар, Афғонистонда жавобгарликни топширар эканмиз, келгусида ҳам ироқликлар ва афғонларнинг хавфсизликни ҳамда ўз фуқаролари учун янги имкониятларни таъминлаш йўлида олиб бораётган саъй‑ҳаракатларини қўллаб‑қувватлаймиз. Араб дунёси ва ундан ташқарида биз барча инсонларнинг қадр-қиммати ва умумбашарий ҳуқуқларини ҳимоя қилаверамиз.
Бутун дунёда биз тинчлик ўрнатиш, қашшоқликдан қутилиб, тараққиётга эришиш ҳамда фуқаро ва жамиятларнинг бор имкониятини юзага чиқарувчи озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлик ва ҳалол бошқарувни такомиллаштиришдай осон бўлмаган ишни давом эттирамиз.
Шунинг баробарида, биз ўз мамлакатимизда ҳам ўз қадриятларимизга амал қилиш мажбуриятига содиқлигимизни намоён этамиз. Мухожирлар юрти сифатда Қўшма Штатлар ҳар бир мамлакат ва маданият вакилларига бағрини кенг очаверади. Бу янги америкаликлар барчамиз ўн йил аввал йўқотган бегуноҳ инсонлар каби бизга шуни эслатадики, ирқи ё этник мансублиги, келиб чиқиши ё эътиқодидан қатъий назар, бугунги ва келгуси авлод учун шу яшаб турганимиз дунёни яхшироқ маконга айлантиришга қодирмиз, деган умумий мақсад бизни бирлаштириб туради. Бу нарса биз бевақт айрилган инсонларнинг мероси бўлмоғи керак.
11 сентябрда бизга ҳужум қилганлар Қўшма Штатлар ва дунё ўртасига тўсиқ қўйишни мақсад қилган эди, аммо улар ниятига ета олмади. Бугун, ўн йил ўтиб, биз ушбу курашда йўқотган барча инсонларни дўстларимиз ва ҳамкорларимиз билан ҳамжиҳатликда ёдга олмоқдамиз. Шу аснода биз барча бирдай қадрланадиган, эмин-эркин ва тотувликда яшайдиган дунёда зарур бўлган ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат руҳини яна бир карра тасдиқлаймиз.