Стив узоқ вақтгача иш ва ошқозон ости саратонига қарши кураш ишларини бирга олиб боришга ҳаракат қилди, аммо касаллик кучлироқ чиқди... Жобс iPone, iPad, iPod ва бошқа шунақанги нарсаларни яратдики, уларсиз дунё ҳозиргидек бўлмас эди. Шубҳасиз, у – буюк инсон. Турган гапки, барча буюклар сингари ғалати-ғалати қилиқлари ҳам бор. Жобснинг бошидан ўтганларини эса бошқалар ҳатто тасаввур ҳам қилолмайдилар... Биз дунёни ўзгартиришга муваффақ бўлган инсоннинг ҳаётидаги баъзи қизиқарли лавҳаларни келтириб ўтишга қарор қилдик. Стив – асранди фарзанд. Унинг ҳақиқий отаси Абдулфаттоҳ Жандалий Суриядан АҚШга келиб, бу ерда аспирант қиз Жоан Шибленинг бошини айлантиришга тушади. 1955 йил 24 февралда уларнинг ўғли дунёга келади, аммо улар фарзанди бир куни келиб дунёни ҳайратга соладиган мультимиллиардер бўлишини хаёлига ҳам келтиришмади ва ундан воз кечиб қўя қолишди. Жобс – Стивни асраб олган отасининг шарифидир. Ўзининг ҳақиқий ота-онаси кимлиги ҳақида йигит 27 ёшга кирганидагина хабар топади. Шу билан бирга туғишган синглиси Мона Симспсон борлигини, у айни вақтда таниқли ёзувчи эканлигини билиб қолади. Монанинг эри Ричард Аппел – "Симпсонлар” мультсериалининг сценарий муаллифи эди. У рафиқаси шарафига мультфильмдаги асосий қаҳрамонлардан бирини Мона Симпсон (Гомернинг онаси) деб номлаган эди. Стив-золим. Унинг одамларни бошқариш услуби ҳақида афсоналар мавжуд. Мисол учун, Жобс у билан бир лифтга чиқишга журъат этган ҳодимини ва унга бошқа маркадаги минерал сув олиб келган ёрдамчисини ишдан бўшатган. Стивдан ходимлари худди оловдан қўрқандек қўрқани туфайли Apple ҳақиқий мазҳабга ўхшаб қолди. Компания шунчалик сирларга кўмилганки, ходимлар нафақат журналистлар, балки яқинларига ҳам нима билан шуғулланаётганини айта олишмайди. Шунинг учун ҳам маҳсулотнинг тақдимоти ҳар сафар янгилик, яъни илк намойиш бўлади. Ҳали хотирадан ўчмаган даҳшатлар ҳам бор: янги айфонларни йиғиш билан шуғулланаётган Хитой фабрикаси ходими намуналардан бирини йўқотиб қўйди ва қўрқувдан ўз жонига қасд қилди. Стив-дислектик. Стив ёшлигида ёзиш ва ўқишни катта қийинчиликлар билан ўрганган. У уччига чиққан безори эди: мактабда қўлда ясалган портлатгичлар билан портлатгани ва синф хоналарига илон олиб киргани учун охири мактабдан ҳайдалган ҳам.
Стив-саводсиз. 1972 йилда мактабни тамомлаб, ватани Калифорниядан Орегон штатига кетди ва коллежга кирди. Лекин ўқиш жонига тегди ва ярим йилдаёқ ўз хоҳишига кўра ўқишдан ҳайдалди. Шунга қарамай у яна ярим йил Орегонда яшади: дўстлариникида ётиб юрди, ичимликлардан бўшаган идишларни йиғиб топшириб, пул ишлади. Қорин тўйғазиш учун эса Кришна мазҳабига сиғинувчиларнинг маҳаллий ибодатхонасида текин овқат тарқатиладиган ошхонага борарди. Стив-мультипликатор. 1986 йили "Юлдузли жанглар”нинг асосчиси Жорж Лукас хотини билан ажрашди ва унга зудлик билан пул керак бўлиб қолди. У "Pixar” номли мультипикацион студиясини 5 миллион долларга Жобсга сотди. Стивнинг бошқаруви остида студия "Ўйинчоқлар тарихи” ва "Маҳлуқлар уюшмаси” каби энг машҳур мультфильмларни яратди. 2006 йилда у "Pixar” студиясини "Walt Disney” студиясига 7,4 миллиард долларга сотди. Бу билан "Дисней”нинг 7 фоиз акциясига эга бўлди ва компаниянинг асосий акциядор шахсларидан бири бўлди. Стив – беқиёс камтарлик. "Apple” компаниясида у ўзига-ўзи йилига 1 доллар маош белгилади. Тўғри-да, ортиқча пулни нима қилади, ахир "Дисней”нинг ўзидан ҳар йили 48 миллион долларга яқин дивиде (акциялардан келадиган даромад) олиб турган бўлса! Бундан ташқари Стивнинг қўлида "Apple”нинг 0,6 фоиз акцияси мавжуд. Улар эса миллиарддан ҳам юқорироқ баҳоланади. Стив – вегетариан. Жобс ва унинг рафиқаси Лорен вегетариан (фақат сабзавот ва сутли овқатларни истеьмол қилувчи одам) бўлиб, умуман гўшт ейишмайди. Стивнинг меваларни жуда хуш кўриши компаниянинг номидан ҳам маълум. 1976 йилнинг баҳор ойларида янги компанияни ташкил этаётган Жобс шериклари билан уни қандай номлаш ҳақида узоқ бош қотирди. Охир-оқибатда унинг сабри тугади-да, "Агар бирор- бир тузукроқ ном топмасангиз мен компанияни "Олма” (инглизчасига — "Apple”) деб номлайман”, деди. Кўриниб турибдики, унинг шериклари яхшироқ ном топа олишмабди...
Стив – кўп болали ота. Стив ва Лореннинг уч фарзанди бор ва бундан ташқари Лорен билан танишишидан аввал, 1978 йилда дунёга келган ноқонуний қизи Лизани ҳам ўз тарбиясига олган. Қисқа сатрда: Стив- файласуф Жобс компанияни бошқаришдан ташқари ҳикматли сўз ва иборалар ёзиш билан ҳам шуғулланади. Унинг компьютерлар, хаёт ва ўлим ҳақидаги айрим ибораларидан келтириб ўтамиз:
1. Мен ўзим кўтара олмайдиган компьютерга ишонмайман.
2. Катта ишларни амалга оширишнинг биргина йўли бор – ўша ишни севинг.
3. Ҳаётни хафа бўлиб тарк этиш керак эмас. Агар ҳаёт сизни тарк этган бўлса, унда хафа бўлишингиз мумкин.
4. Янги одамнинг фикрига эга бўлиш ажойибдир.
5. Мен қабристондаги энг бой одам бўлишни истамайман. Мавзуга қўшимча: "Apple” белгили уруғ Омсклик "чапақай” Станислав Коненко янгилик яратди. – "Apple” компанияси билан боғлиқ бўлган сўнгги воқеалардан таъсирланган Станислав иккига бўлинган уруғнинг бир томонига компания белгисини, ички қисмига эса олмани шаклини ўйиб чизди. Гарчи бу нарсани яратиш ғояси анча илгари пайдо бўлган эса-да, бу ишга у яқиндагина киришди, – деб ёзади унинг отаси интернетдаги блогида.