Баъзан кичик эпизод роль ҳам воқеалар тақдирини очиб беради. Кичик роли билан томошабинларнинг ёдида сақланиб қолган актёрларнинг қисқа монологи эса йиллар давомида тилдан-тилига ўтиб, ёдга солиниб, эсланаверади. Мазкур саҳифада эса ўзбек киносида ўзининг эпизод роллари билан танилган маҳоратли кино вакиллари билан учрашишга қарор қилдик...
«ҲАР БИР АКТЁР БОШ РОЛДА БЎЛГИСИ КЕЛАДИ»
Ўзининг илк роли — "Боря” образи билан кино шинавандаларининг эсида қолган Санжар Шодиев Ўзбекистон давлат Санъат институтининг драма актёрлиги бўлимини тамомлаган. У ўз ижросини кўпроқ импровизацияга таянган ҳолда амалга оширади.
Санжар Шодиев: — Ижро этган ҳар бир эпизод ролим мен учун жуда азиз. Мени шу орқали танишганидан ҳам ҳурсандман. Аммо ҳеч қачон асосий қаҳрамон ролини ўйнагим келмаган, деб ҳеч кимни алдамайман. Чунки, ҳар бир актёр бир марта бўлса ҳам ўзини асосий қаҳрамон ўрнида кўргиси келади.
20 дан зиёд эпизод ролларни ижро этган актёр бугунги кунда режиссёр сифатида 3 та фильмни катта экранларга олиб чиқди.
«БОШ РОЛДА КЎРИНИШНИ ИСТАРДИМ, АММО…»
Актриса Мукаррам Бекмуродова 1966 йилда туғилган, 1988 йилда ҳозирги Ўзбекистон давлат Санъат институтининг мусиқали драма факультетини тамомлаб, оилавий аҳволи сабабли ўн йил ҳеч қаерда ишламаган. Актрисалик фаолиятини эса 2000 йилда бошлаб, шу йилнинг ўзида "Қизғалдоқ” фильмида ҳамшира ролини ўйнаган. Ундан кейин эса «Мерсквич», «Муҳаббат занжири», «Сабоқ» фильмларида, «Денгиздан томчи», «Чимпионлик орзуси» каби сериалларда кетма-кет эпизод ролларни ижро этди.
Бу ҳақда унинг ўзи «Актёр рол танламайди, дейишади. Аммо Ҳар бир актриса бош ролни ижро этишни истайди. Шу ўринда мен ҳам. Аммо эпизод ролларим билан одамлар эътиборига тушганимдан ҳечам афсусланмайман» дейди.
«Майли, бақироқ бўлса ҳам…»
Театр соҳасида ўз фаолиятини бошлаб, кинога эпизод роллари билан кириб келган Зуҳра Солиева ҳамманинг ёдида бақироқ ва шаддод аёл образи орқали сақланиб қолган.
Зуҳра Солиева: — Назаримда, мени Рустам Саъдиев суратга олган «Вой-дод сумалак» ва Жаҳонгир Позилжонов режиссёрлигидаги «Бойвачча» фильмларидаги «шаллақи» аёл ролли орқали халқ таниган. Майли, бақироқ бўлсам ҳам кимнингдир юрагидан жой топа олдим-ку…
Ҳақиқатан ҳам бугунги кунгача актрисани кўча-куйда кўрганлар, «Кўзлдаримга қара! нега менга қараяпсан? пастга қара!» деган гапларини тилга олишади.
«ЭПИЗОД БЎЛСА ҲАМ ТАНИШАДИ!»
Санъат ва театр соҳасига 1980 йилларда кириб келган Алишер Отабоев шу кунгача 50 тага яқин эпизод роллари билан танилган. У ўзининг кинодаги илк ролини 1989 йилда, Толиб Ҳамидов суратга олган 3 қисмли «Оқ тулпор изидан» номли телесериалда ижро этган эди.
«Сериалда гапирмай, фақат «Тетрис» ўйинини ўйнаб, ижро этган ролим — "Лабертино” образини одамлар ҳалигача эслашгани мен учун бир олам қувонч олиб келади. Тўғри-да, мен учун бир фильмнинг бошидан то оҳиригача маъносиз равишда ўйналган образдан кўра, эпизод бўлса ҳам эсда қоларли ролларим афзал» дейди у. Ўз фаолиятидан мамнун актёр 31 йилдан буён Муқумий номидаги мусиқали драма театрида ишлаб келаяпти.