КЎЗЛАРИНГИЗ РАВШАН БОҚСИН!
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра , дунё бўйича 285 миллион кишининг кўриш қобилияти турли даражада бузилган , уларнинг 39 миллиони эса кўришдек неъматдан мутлақо маҳрум , яъни кўзи ожизлардир . Шифокорлар кўриш қобилиятини асраш кераклиги ҳақида бот - бот таъкидлашмоқда . Уларнинг хавотир олганича бор : тахминларга кўра , 2020 йилга бориб сайёрамизда кўзи ожизлар сони 75 миллионга етиши мумкин …
Биз қандай кўрамиз?
Мутахассисларнинг айтишича, кўриш қобилияти бузилиши муаммоларини фақатгина кўз тўқималари ҳолатини ўрганиш билан ҳал қилиб бўлмайди. Аслида бу масала бирмунча мураккаброқ. «Қарайдиган кўз, лекин кўрадиган мия», деб олимлар бежиз айтишмайди. Келинг, шу ўринда кўришга андак илмий таъриф берсак: бу – одамга ташқи муҳитдаги нарсаларнинг шакли, катта-кичиклиги, ранги, бир-бирига нисбатан ўрни ва оралиғини аниқлаб, тегишли ҳаракатлар қилишга имкон берадиган физиологик жараён бўлиб, бош миядаги кўрув анализаторинингмуҳим вазифаси ҳисобланади. Хўш, кўриш қандай амалга ошади? Гап шундаки, ташқи муҳитдаги нарсалардан кўзга тушган параллел нурлар кўзнинг мугуз пардаси ва гавҳаридан синиб ўтиб, тўр пардага тушади, унда нурлар ҳужайраларни таъсирлаб, нерв қўзғалишини амалга оширади. Тўр пардада пайдо бўлган потенциал электрик қўзғалиш кўрув нерви толалари орқали мия пўстлоғи остига ва ундан мия пўстлоғининг кўрув марказига ўтиб, анализ ва синтез қилиниб, муайян образлар сифатида идрок этилади. Гувоҳи бўлганингиздек,кўриш фақатгина кўзнинг эмас, бутун бошли тизимнинг вазифаси, кўрув анализатори эса бош мияда жойлашган. Демак, мия билан кўз ўртасида тўғридан-тўғри алоқа бор, миягатаъсир кўрсатадиган зарарли омил кўз учун ҳам хавфлидир. Кўзларимиз саломатилиги бош мия, нерв ва юрак-қон томир тизимларининг ҳолатига бевосита боғлиқдир.
Кўриш қобилиятининг сусайишига олиб келувчи омиллар турли-туман, жумладан: кислород танқислиги, танада ёғ алмашинувининг бузилиши, қандли диабет, стресслар. Буларга, албатта, кўриш гигиенасига амал қилмаслик ҳам киради.
Қоидаларга риоя қилинг!
- Компьютерда ишласангиз, ҳар соатда 5-10 дақиқа танаффус қилишни унутманг.
- Кўз ва монитор ўртасидаги масофа камида 30-50 см бўлиши, мониторнинг ўртаси кўздаражасиждан сал қуйироқда бўлиши зарур.
- Ёруғлик тўғри тушаётганига эътибор беринг. Чироқ (стол лампаси) чап томонда туриши, кўзга ёрқи нур тўғридан-тўғри тушмаслиги учун плафон (қопқоқ)ли бўлиши керак. Чироқнинг қуввати 60-80 Ватт бўлиши тавсия этилади.
- Ҳаракатланаётган транспортда ва ётволганча китоб ўқиш мумкин эмас!
- Телевизорни ўтириб, экрандан камида 2 метр узоқликда томоша қилинг.
- Аёллар диққатига: арзонгина косметика воситаларини эмас, сифатлисини сотиб олинг.
- Кўзга хас ёки чанг кирса, ишқаламай, қайнатилган сув билан ювинг.
- Албатта, кўзларингизни пирпиратиб туринг! Айниқса, кунини монитор қаршисида ўтказадиганларга бу жуда фойдали. Кўзни пирпиратиш уни қуриб қолишдан асрайди.
Кўзлар учун гимнастика
Бу фойдали машқлар ҳечам қийин эмас. Шундай экан, вақти-вақти билан (масалан, иш орасидаги танаффусларда) уларни бажариб туринг.
- Аввалига бутун танангизни бўшаштиринг. Кўзларингизни юмганча бирор яхши нарса ҳақида ўйлаб, 2 дақиқа ўтиринг.
- Кўзларингизни очиқ ҳолатда соат мили ва акс йўналишда 5 мартадан айлантиринг.
- Олдинига кўзларингизни юмиб, кейин эса очган ҳолатда ўнгга-чапга қаранг.
- Яқин ва узоқда жойлашган иккита буюмни танлаб, навбати билан уларга кўз ташланг.
- Кўзларингизни юмиб, кафтларингиз билан бироз ёпибтуринг.
Фойдали парҳез
Турган гапки, кўзларимизнинг саломатлиги биз истеъмол қиладиган таомларга ҳам боғлиқ. Кўзлар учун энг муҳим моддалардан бири – витамин А ҳисобланади. У ёруғликни қабулқилиш жараёнида қатнашади. Витамин А етишмаса, одамнинг ғира-ширага мослашиши, кўк ва сариқ рангларни ажратиши қийинлашади. Витамин А сабзи, помидор, баргли сабзавотлар ва балиқ ёғида бор.
В гуруҳидаги витаминлар бош миядаги кўриш сезгисига масъул марказлар, шунингдек, кўзнинг тўр пардасига таъсир кўрсатади. Улар ёнғоқ, мевалар, жига рва балиқда кўп.
Витамин С кўзни ҳаракатлантирадиган мушаклар ва кўз гавҳари мушаклари учун керак. Бу витамин наъматак, цитрус мевалар, пиёз, помидор, исмалоқ ва олмада бор.
Калий (асал, банан, ўсимлик ёғида бор) ва рух (денгиз маҳсулотлари, жигар қўзиқорин, гўшт) кўзларимиз учун зарур микроэлементлар ҳисобланади.
|