Қадимги Хитойда кўзойнак бўлмаганлиги сабабли ёш аёллар ажинлар тушишининг олдини олиш, кўзни қуёш нуридан сақлаш учун барглардан ясалган бош кийимлардан фойдаланганлар. Ҳиндистоннинг бой хонадон аёллари эса қовоқларига кўзни равшанлаштириш учун қатрон (смола) суртиб юришган экан.
Хўш, кўзойнаклар қачон пайдо бўлган?
Қадимда римликлар ва юнонлар сув билан тўлдирилганшишали шар нарсаларни катталаштириш хусусиятига эгалигини сезиб қолишади. Лекин улар бундай ҳолни вужудга келтиришда жисмнинг қавариқ шакли эмас, балки унинг ичидаги суюқлик асосий рол ўйнаганини англамаганлар. Уддабуро тадбиркорлар ўз расталарини ана шундай шаклдаги шишалар билан безатишни бошлашди. Сув устида сузиб юрган мевалар чиройли кўринар, унинг ёнида турган таом эса кишиларни янада жалб қиларди.
Шу пайтда тарих бизни милоддан аввалги 2 асрда ҳукмронлик қилган император Нероннинг зумрад тоши ҳақидаги ривоят билан тўқнаштирди. У гладиаторлар жангини силлиқланган ложувард ойна ёрдамида томоша қилган экан. Қимматбаҳо тошдан ясалган ушбу буюмни кўзойнакнинг биринчи аждоди деса бўлади. Нерон бу яшил зумраддан"нигоҳини ўткирлаштириш" учунфойдаланган.
Замонавий техника ҳар қандай муаммони ҳал этишда қўл келиб, бугун бошқа бир қатор мақсадларга хизмат қилувчи кўзойнакнинг кўпгина турларини истеъмолчиларга тақдим этмоқда.
Яхшироқ кўриш ва бойликни кўз-кўз қилишга хизмат қилган кўзойнак даврлар ўтиши билан мода оламининг ажралмас қисмига, ташқи кўринишнинг ўзига хос рамзига айланди, десак хато қилмаймиз. Ҳатто бугунги кунда кўришдан шикоят қилмайдиганлар ҳам кўзойнак тақяпти. Ишбилармон аёллар эрталаб ишга кетишдан олдин алоҳида синчковлик билан пардоз-андозга берилгандан кўра, урфдаги кўзойнакни тақиб, ўзларига анча қулайлик яратдилар. Ёш мутахассис эса шаффоф кўзойнакда салобатлироқ кўриниб, кишиларга ўзига нисбатан ҳурмат уйғотади.
Бугунги кунда кўзойнаклар асосан шиша ва елимдан тайёрланади. Ҳар иккисининг ҳам яхши-ёмон томонлари бор. Елим шишага нисбатан юмшоқ, аммо чидамсиз. Бошқа турдагилардан икки баробар енгиллиги елим кўзойнакларнинг асосий ютуғидир. Ойнали кўзойнак синганда унинг парчалари келтириб чиқарадиган кўнгилсизликларни ҳисобга олсак, елим мосламанинг жароҳат етказиш хавфи анча кам.
Кўзойнак танлар экансиз, у қулай, қулоққа, бурун қаншарига ботмаслиги, асосийси, кўз олдида линза тўғри ҳолатда туриши, яъни кўзга нисбатан симметрик равишда пешанадан ёноққа томон сал эгилиб туриши лозим.
Агар кўзойнакни биринчи мартатақаётган бўлсангиз, шуни билинки, кўзойнак гардиши кўрув майдонини бир оз чегаралайди, линза орқали кузатилаётган нарсалар гўё қимирлаётгандек бўлади ёки улар бир-бирига қўшилиб кетаётганга ўхшаб кўринади. Камдан-кам ҳолларда у юришни, кесиб ўтиладиган махсус йўлдан ўтишни ёки зинага кўтарилишни қийинлаштиради. Бундан асло ташвишланманг, ҳали бунга тез ўрганиб кетасиз.
Кўзойнакни жуда эҳтиётлик билан авайлаб тутиш керак. Уни шишасининг қавариқ томони билан столга қўйманг, чунки бундай қилсангиз, линза юзаси бузилади. Кўзойнакдан фойдаланмаётган пайтингизда уни ғилофига солиб қўйинг. Кўзойнакни авайлаб тутсангиз, усизга кўп йиллар хизмат қилади.
Кўзойнакларни бугунги кунда исталган жойдан − бозор растаси, метрога киравериш ва қолаверса, турли жойларда ташкил этилган ёйма дўконлардан сотиб олиш мумкин. Кўпчилик кўзойнак харид қилишда унинг гардишига эътибор бериб, линзасини диққатдан четда қолдиради. Афсуски, кўча-кўйдасотилаётган кўзойнаклар тиббиёт талабларига жавоб бермайди. Сифат ва саломатлик талабларига жавоб бермайдиган маҳсулот харид қилиш эса оптик нуқсонлар, хусусан, абберация (линза орқали ўтадиган ёруғлик нурларининг бир нуқтада тўпланмай, ундан сал оғиши)ни келтириб чиқаради. Бу эса кўзнинг чарчаши, бош оғриғига сабаб бўлиб, оқибатда кўриш қобилиятини пасайтиради. Шунинг учун шифокорнинг кўрсатмаларига амал қилиб, ўзингизга тўғри келадиган кўзойнакни ишончли оптика дўконларидан сотиб олинг.