Сардор Раҳимхон тинч ўтирмайди. Фақат янгиликка интилиш ва бекорчиликка қарши аёвсиз курашиш унинг бош мақсадларидан бўлса керак. Хонанда дуэтдошлари сафини кенгайтирмоқда. Мана энди Лола. "Тарона рекордс”нинг "барча шодлик сенга бўлсин” хонандаси бўлмиш Лолагулнинг концерти олдидан бу янгилик мусиқа ихлосмандлари учун яхшигина "интрига” бўлиши ҳам мумкин. "Нетаман” номли дуэт-тарона Бобур Умаров шеъри билан куйланди. Мусиқаси эса ҳинд эстрадасидан дейди, Раҳимхон. Баракалла. Касални бекитсанг, барибир иситмаси ошкор этади. Хонанда алдашдан кўра, ҳақиқатни айтишни афзал билди. Шу боис ҳам, қўшиқ оммага ҳавола этилгач, ҳеч ким мусиқасини ўғирлашибди деган таъма тошларини отмайди! Шўх қўшиқлар куйлаб сал чарчаган Сардордан "Афсус” номли сокин тарона яқин кунларда премьера қилинади.
***
ЗИЁДА & ДИЛСЎЗ - "АСАЛИМ МАНИ". НАВБАТДАГИ УРФГА КИРГАН ҚИЗЛАР ДУЭТИ ОММАЛАШАРМИКАН?
Сўнгги пайтда аёлларнинг бирга дуэт куйлаши урфга кирди. Бундан бир неча йиллар олдин эркаклар дуэт куйлашини Тоҳир Содииқов ва Абдулазиз Карим "мода”га олиб кирганди. "Сен мени ардоқла” дея куйлашганини бошқачароқ тушунган айрим аёл журналистлар Содиқовнинг рафиқасидан дакки ҳам эшитганди. Хуллас, шоу-бизнесимизда бундай "тажриба ижодкорлик” давом этмоқда. Насиба Абдуллаева ва Каниза ижросида "Сени кўргим келар”ни ким қандай қабул қилди билмадим-у, бироқ, Абдуллаева хонимнинг соло ижросининг ўзи жуда яхши эди. Навбат Зиёда ва Дилсўзга етди. Иккала мафтункор қизларнинг ҳам ўзига ярраша мафтункор овози бор. "Асалим мани” номли қўшиқни куйлаб чиқишса, кенг омма қай даражада ҳазм қилади? Тўғри, қўшиқда йигит кишига мурожаат қилинади. Бироқ, икки аёлнинг жўр бўлиб, ёхуд битта клипда "Асалим мани” дея намоён бўлиши...Муҳими, қўшиқнинг омадли чиқиши. Қолгани иккиламчи. Нодир Асимов шеъри, Иқбол Муҳаммаджон мусиқаси билан куйланган дуэтни кутиб қоламиз. Қолгани бир гап бўлар...
***
ЭНРИКЕНИ ЛОЛ ҚОЛДИРГАН УЛУҒБЕК ИСМАИЛОВДАН "МИЛЛИОН"!
Улуғбек Исмаилов рекламасида Энрике Иглесиаснинг хизматлари жуда катта. Омадли йигит Иглесиаснинг Москвадаги концертида саҳнада мегаюлдуз билан қўшиқ куйлашга муваффақ бўлди-ю, ҳамманинг оғзига тушди. "Рози-рози”, "Югур-югур” каби қўшиқлари оммалашди. Улуғбек "Мен эмас тенгинг” ва "Бедавоман” номли янги қўшиқларини яратди-ю, бироқ уларни премьера қилишга шошмаяпти. Яқинда "Миллион” номли клипим мусиқий телеканалларда намойиш этилади- дейди, ўзбек Иглесиаси.