Бир қориндан талашиб тушган опа-сингиллар ҳаёт давомида бир-бирига елкадош, сирдош ва энг яқин дугона бўлишади. Уларнинг феъл-атворларини ҳеч ким бир-бировларидан яхшироқ тушунмаса керак. Биз саҳифа орқали санъатда ўз ўрнига эга бўлган опа-сингиллар билан учрашишга қарор қилдик. Бугун улардан бири ўзига берилган имкониятдан фойдаланиб (интервью олиб кўриш) иккинчисини саволга тутади.
«СИНГЛИМНИНГ ТАНҚИДИ КЎНГЛИМНИ ОҒРИТДИ»
Биринчи қаҳрамонимиз кино соҳасида кучли ҳарактердаги роллар ижрочиси Жамила Ғофуровадан синглиси Азиза Ғофурова интервью олди.
— Сиз енгилтабиат аёллар ролида кўп ўйнайсиз. Ҳатто бир марта дўстларим «нега опанг доим шунақа аёлларни ўйнайверади», дейишганида, бироз хафа бўлганман. Ўзингизни қандай ҳис қиласиз?
— Биласанми, актриса сифатида роль танлашга ҳаққим йўқ. Режиссёр берган ҳар қандай ролни бор истеъдодимни намоён қилган ҳолда ижро этишим керак. «Қандай қилиб ўйнайсиз?» деган саволингга келсак, бу жуда оддий. Одамларни кузатаман ва ижобий образларни қандай яратсам, салбийсини ҳам худди шундай ижро этиб беравераман.
—Масалан, айтинг-чи, сипогина, қишлоқда ўсган қиз ролини ҳам ўйнаб бера олармидингиз?
— Албатта. Бу менинг қўлимдан келади.
— Томошабинларни ишонтириш масаласида-чи?
— Тушунмадим. Сенинг мақсадинг мени танқид қилишми? Шу кунгача менга отилаётган танқид тошлари камлик қилаётганмиди?
— Хафа бўлманг! Мен сиз билан опа-сингил эмас, журналистдек гаплашаяпман-ку! Яхшиси уни қил, буни қил, вақтдан фойдалан, деган гапларни кўп такрорлашингизга тўхталайлик...
— Сабаби, ҳозир сизларда имконият кўп. Анча-мунча нарсаларга улгуриш мумкин. Масалан, мен санъатга яна ҳам эрта кириб келмаганимдан, вақтида қилишим керак бўлган ишларни қилмаганимдан, китоблар ўқимаганимдан афсусланаман. Балки мени ойим эркалатгандир? Аммо мен қилган хатоларни сизлар такрорлашларингни истамайман.
Жамила Ғофурова: — Тўғриси, инсон яқинидан танқидийроқ савол эшитса, оғир ботар экан. Шу кунгача уйда мени ойимдан бошқа ҳеч ким койимас, тергамасди. Бугун Азизанинг гаплари бироз кўнглимга тегди...