Жаҳон чемпионати 3-саралаш босқичлари доирасидаги Тожикистон - Ўзбекистон учрашуви ўз ниҳоясига етди.
Унда мамлакатимиз термаси сафарда Тожикистонни мағлубиятга учратди. Пенальти белгиланган вазиятда ҳимоячи Даврон Эргашев ҳужумчимиз Александр Гейнрихга нисбатан ўйин қоидасини бузди. Максим Шацкихнинг зарбасини эса Алишер Тўйчиев бартараф этди. Тўпга биринчи бўлиб етиб келган Шацких қайта зарба билан ҳисобни очди!
Бугун Ўзбекистон термаси қийин ғалабага эришди. Бунақа ўйин билан Японияга қарши ҳеч нарса қила олмаслигимиз мумкин. Терма жамоамиз штаби зудлик билан нимадир қилиши керак бўлади.
Акс ҳолда кейинги ўйинларда қимматли очколарни бой бериб қўямиз. Сал аввал сайтда чоп этилган Ҳасанали отанинг нолишлари ҳақиқатга яқин бўлиб чиқмоқда.
ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ-2014. ОСИЁ. 3-САРАЛАШ БОСҚИЧИ.
ТОЖИКИСТОН – ЎЗБЕКИСТОН 0:1
Гол: Максим Шацких 72
Ноаниқ пенальти: Максим Шацких 72
Огоҳлантириш: Александр Гейнрих 80
Тожикистон: Алишер Тўйчиев, Даврон Эргашев, Соҳиб Сувонқулов, Фарход Восиев, Эраж Ражабов, Нуриддин Давронов, Маҳмадали Содиқов (Ибрагим Рабимов 59), Жаҳонгир Жалилов, Фатхулло Фатхуллоев (Илҳомжон Ортиқов 68), Нўъмонжон Ҳакимов (Дилшод Восиев 51), Юсуф Рабиев.
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Виктор Карпенко (Темур Кападзе 46), Ислом Тўхтахўжаев, Шавкат Муллажонов, Виталий Денисов, Азиз Ҳайдаров, Одил Аҳмедов, Станислав Андреев (Санжар Турсунов 46), Сервер Жепаров (Улуғбек Бақоев 65), Александр Гейнрих, Максим Шацких.
Ҳакамлар: Тан Хаи, Му Юсин, Су Жиге, Жао Лианг (барчаси — Хитой).
2011 йил 2 сентябрь. Тожикистон. Турсунзода. "Металлург”. 13600 томошабин.
Ғалаба йирик бўлиши мумкин эди, аммо асосийси 3 очко...
Ўзбекистон делегацияси кутилганидан бироз кечроқ - 23.15да Тошкент халқаро аэропортига қўнди. Футболчилар меҳмонхонага келиб жойлашишгандан кейин, бир неча нафар футболчиларимизнинг фикрлари билан қизиқдик.
Сервер Жепаров (ярим ҳимоячи, жамоа сардори):
- Ўйин қийин бўлди. Рақиб 11 киши бўлиб тўлиқ ҳимояга ётиб олди. Уларнинг ҳаракатларида аниқ бир мақсадни кўрмадим. Энг асосийси, биз 3 очкони қўлга киритдик. Муҳими шу.
Саудия ишларим яхши. Мени жамоада яхши кутиб олишди. Шу кунгача БААда ўтказилган халқаро ўртоқлик мусобақасида иштирок этиб, унда ғолиб чиқдик. Барча ўйинларда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилдим. Ўша халқаро мусобақанинг илк ўйинида учрашувнинг энг яхши футболчиси бўлганим учун менга совға ҳам беришди.
Японияга қарши ўйинга тўхталадиган бўлсам, бу ўйинда бор кучимиз билан ўйнаб, мухлисларга ғалаба тортиқ қиламиз деган умиддаман.
Максим Шацких (ҳужумчи):
- Тожикистонга қарши ўйинга фақат ва фақат ғалаба учун майдонга тушгандик. Рақибга менсимаслик назари билан қараш ҳолатлари бўлмади. Йирикроқ ҳисобда ғалаба қозонсак бўларди, аммо қандай ҳисобда ютишимиздан қатъи назар 3 очкони қўлга киритдик. Бугун бўлиб ўтган ўйинларга эътибор қаратинг: Япония энг сўнгги лаҳзада ғалаба тўпини киритди, Австралия аввал тўп ўтказиб юбориб, кейин сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетди. Осиёда жамоаларнин кучи тенглашиб бормоқда.
Тошкентга оилам билан келмадим. Ўзим қисқа муддатга келдим. Ўйинларни ўтказиб, яна Украинага қайтиб кетаман. Терма жамоалар марказидан клубимга таклиф қоғози борса, албатта терма жамоа сафига етиб келаман. Бу борада муаммо йўқ.
Александр Гейнрих (ҳужумчи):
- Бугунги ўйинимиздан умуман қониқмадим. Натижа бундан-да йирик бўлиши мумкин эди. Аммо имкониятлардан фойдалана олмадик, ўзим ҳам бир нечта вазиятларни голга айлантира олмадим. Мени чалиб йиқитишгани учун пенальти белгиланган вазиятда эса ҳимоячи менга қўполлик ишлатмаганида гол урган бўлардим. Натижадан қониқдимми?.. Нима бўлганда ҳам 3 очколик бўлдик.
Биласизми, Тожикистондаги мухлисликка қойил қолдим. Фанатлар 90 дақиқа давомида ўз жамоаларини қўллаб-қувватлаб, уларни доимо олдинга чорлашди. Айниқса, Тожикистон мадҳияси янграётганда бутун стадион бир овоздан куйлагани жуда бошқача чиқди. Ҳисобнинг минимал бўлишидан тожикистонлик мухлисларнинг ҳам ҳиссаси бор. Япония билан ўйинда ўзбек мухлислари ҳам ана шундай қўллаб-қувватлашларини истардим. Ишқибозларнинг қўллаб-қувватлаши биз учун жуда ҳам керак. Стадионга келиб писта чақиб ўтирмасдан, бутун дунё фанатлари каби тинмасдан мухлислик қилишларини хоҳлардим. Агар юқори даражаги мухлислик бўлса, ана шундай қандай ўйнаш кераклигини кўрсатиб қўямиз, биз Японияни "ёриб" ташлаймиз!
Улуғбек Бақоев (ҳужумчи):
- Албатта, яхшироқ ҳисобда ютишимиз керак эди, аммо, жамоадошларим фикрига қўшиламан, энг асосийси гуруҳни ғалаба билан бошладик. Япония билан ўйинга тайёрмиз десак ҳам бўлади. Тўғри, Японияни Тожикистон билан таққослаб бўлмайди. Аммо ҳар бир жамоанинг ўз олдига қўйган мақсади бўлади. Ҳар бир жамоа ана шу мақсаддан келиб чиқиб ўйинга тайёрланади. Насиб қилса, Японияни ютамиз.
Қозоғистон чемпионатидаги голларим сони ҳозирча 16та. Чемпионат тугашига эса 7та тур бор. Яна 2-3та гол урсам, мавсум тўпурари бўлсам керак.
Рустам Акромов:
- Терма жамоамиз Турсунзодада 6-7 та гол уриши мумкин эди. Аммо улардан бор-йўғи биттасидан фойдаланди холос. Тожикистон дарвозасига урилмаган голларни японларга урамиз деган умиддаман.
Барча футболчилар Мустақиллигимизнинг 20 йиллиги билан халқимизни муборакбод этишди ва Японияга қарши яхши ўйин кўрсатиб, мухлисларга ҳақиқий байрам совғасини туҳфа этишга ваъда беришди.